Бугун, 31 август куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Президент ўз нутқида бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда "Янги Ўзбекистон" ибораси тилга олинаётганини, бу эса кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимизни, эришилаётган ютуқларнинг эътирофи эканлигини таъкидлади.
- Ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш - Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон - кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас,- деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев шунингдек, мамлакатда мактабгача таълим, умумий таълим ва олий таълим ривожлантирилса албатта, учинчи Ренессансга эришиш мумкинлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
- Танамизда буюк боболарнинг қони бор, фарзандларимизда бунга 100 фоиз билими ҳам, ғайрати ҳам бор. Фақат биз уларга имконият яратишимиз керак.
Сўнгги 4 йилда мамлакатимизда 44 та янги олий таълим муассасалари ташкил этилди. Йил охиригача яна 43 та очилади. Бу кўрсаткичлар ёшларимизнинг, ота-оналарнинг эртанги кунга ишончидан дарак беради. "Давлат шароит яратяпти, мен фарзандимни ўқитаман, камолини кўраман" демоқда. Бу йил 1,5 млн ўғил-қизларимиз ўқишга ҳужжат топширди. Келинглар, уларга имтиҳонларда омад ва зафарлар тилайлик, - деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ўз нутқида таълим тизими ва унда фаолият кўрсатаётган устозлар хизматларини эътироф этар экан, жумладан, шундай деди:
- Ота-она мактаб жамоасидан қачон рози бўлади? Қачонки мактабга, таълим тизимига ишонса. Вақти-соати келади, ўқитувчилар ойлигини 1000 доллар эквивалентига етказамиз. Таълимни, ўқитувчини обрўсини кўтарсак, мактаб остонасини "Сиз" десак, албатта йиллар ўтиб ҳозирги 1-синф ўқувчиси эртага Улуғбек, Ибн Сино, Беруний бўлади. Мен бунга ишонаман.