Висконсин штати губернатори Тони Эверс АҚШ президенти Дональд Трампдан Кеношу шаҳрига режалаштирилган сафарини қолдиришини илтимос қилди.
Трамп афроамерикалик 29 ёшли Жейкоб Блейк полициячи томонидан отиб қўйилганидан сўнг норозилик намойишлари ва тартибсизликлар бошланиб кетган Кеношуга 1 сентябрда сафар қилишини билдирган эди.
Демократлар партияси вакили бўлган губернатор Тони Эверс Трампнинг Кеношуга келиши штат ҳукуматининг мазкур шаҳарда тартиб ўрнатиш ва зиддиятга барҳам бериш бўйича олиб борган барча ҳаракатлари бекор бўлишига туртки беради, деб ҳисоблайди.
3 ноябрда ўтадиган президентлик сайловига тайёргарликни бошлаб юборган Трамп шаҳарларнинг демократик партияга мансуб бўлган мэрлари фаолиятини танқид қилмоқда.
Унга кўра, демократ мэрлар ирқчиликка қарши ўтказилган намойишлар ва тартибсизликларни бостириш учун етарли даражада ҳаракат қилмаган.
Кеношуда 23 август куни 29 ёшли афроамерикалик Жейкоб Блейк оқ танли полициячи томонидан отиб қўйилганидан сўнг бошланган норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетган эди.
Блейк касалхонада операция қилиниб, унинг танасидан кўплаб ўқлар олиб ташланган. Унинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.