Коронавирусга чалинган Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов тўлиқ соғайиб, иш фаолиятини қайта бошлади. Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қобул Турсунов коронавирусдан даволаниш курсларини ўтаётгани ҳақида 31 июль куни хабар қилинган эди. Турсунов Тошкентда “малакали тиббиёт мутахассислари томонидан ССВ тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида” даволанган.
16 август куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусдан тузалиб, Тошкентдан ўз вилоятига қайтгани хабар қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сурхондарё вилояти ҳокимининг коронавирусга чалинганини 18 июль куни тасдиқлаган ва унинг Тошкентда даволанаётганини билдирган эди.
Ҳозирги кунда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов Тошкентда коронавирусдан даволанишда давом этмоқда.
Бундан ташқари, давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков ва бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев ҳам COVID-19 инфекциясига чалингани ва даволанаётгани расман маълум қилинган.
Коронавирусга чалинган яна бир юқори даражадаги раҳбар - Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов эса 31 июль куни вафот этди.