Президентнинг "Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони имзоланди.
Бугун, 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони имзоланди.
Унга кўра, коронавирус пандемиясини бартараф этишга қўшган муносиб ҳиссаси, шунингдек, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлидаги улкан жасорати ва фидойилиги учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Жумладан, Президент фармонида номлари келтирилган соҳа вакилларининг -
"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" фахрий унвони билан - 5 нафари;
"Фидокорона хизматлари учун" ордени билан - 12 нафари;
I даражали "Саломатлик" ордени билан - 20 нафари;
II даражали "Саломатлик" ордени билан - 50 нафари;
"Жасорат" медали билан - 6 нафари;
"Содиқ хизматлари учун" медали билан - 58 нафари;
"Соғлом турмуш" медали билан - 41 нафари;
"Шуҳрат" медали билан - 66 нафари фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Маълумот учун, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Ҳабибулла Акилов ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорати давлат инспекцияси бошлиғи - Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария инспектори Нурмат Атабековлар "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан мукофотланди.
Изоҳ: Тўлиқ рўйхат билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.