Ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.
11 апрелда имзоланган қарорга мувофиқ республикада 2019 йилда 60 минг куб.м, 2020 йилда 190 минг куб.м ҳамда 2021 йилда 330 минг куб.м ёғоч қириндили плиталар (ДСП) ва уларнинг муқобил турлари ишлаб чиқарилади.
2022 йил 1 январгача ёғоч қириндили плиталар ва унинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналар олиб кирадиган хом ашё, асбоб-ускуналар, уларнинг бутловчи ҳамда эҳтиёт қисмлари божхона тўловларидан озод этилди.
Вилоят ҳокимларига тадбиркорларга терак ва павлония экиш учун балл бонитети паст ерларни ажратиш вазифаси юкланди.
Ёғочбоп дарахтлар плантацияларини ташкил этган тадбиркорлар 2022 йил 1 январгача терак, павловния ва бошқа тез ўсувчи ёғочбоп дарахтлар экилган ер майдонлари учун ер солиғи тўламайди.
Кейинги ойларда вилоятларда, хусусан, Фарғона вилоятида аҳолининг тераклари кесиб ташланаётгани тўғрисида Озодлик ўз вақтида бир неча хабар эълон қилган.