Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий ивестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.
10 апрелда имзоланган қарорга мувофиқ, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг устав капиталидаги “Ўзбекнефтмаҳсулот” АЖнинг 100 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига берилди.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи “PT Trans Asia Resources” (Индонезия) хорижий компаниясининг инвестицияларини жалб этган ҳолда модернизация қилинади.
“PT Trans Asia Resources” компанияси заводни модернизация қилиб, тўлиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйганидан сўнг, кейинчалик фойдаланиш учун етакчи халқаро компаниялардан иборат консорциум ташкил этилади. Кейинчалик заводнинг устав капиталидаги давлат улуши Ҳукумат шартлари асосида “PT Trans Asia Resources” компаниясига сотилади", дейилган Адлия вазирлиги хабарида.