Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, Тошкентда 34 ёшли тадбиркор Анвар Ражабовга тан жароҳати етказган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
«8 апрелдан 9 апрелга ўтар кечаси тунги соат 1:30 лар атрофида Учтепа туман ИИБга Тошкент шаҳар касалхонасидан тан жароҳати олган киши ҳақида хабар келиб тушган.
Терговгача бўлган текширув натижасида Учтепа тумани 25-кварталида жойлашган собиқ 2-сонли таксопарк биносида жойлашган цехлар ишчилари орасида жанжал бўлгани аниқланган», – дейилган хабарда.
“Шовқинни эшитиб ишчиларни тинчлантириш учун тадбиркор Анвар Ражабов кўчага чиққан. Ўшанда ишчилар тадбиркорга шикаст етказган. Жанжалда қўшни цех ишчиларидан бошқа ҳеч ким иштирок этмаган. Четдан ҳеч ким тажовуз қилмаган”, – дейилган ИИББ хабарида.
Ушбу ҳолат юзасидан Учтепа туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 277 моддасининг 2 бўлими “а”, “б, “в” бандлари бўйича (Безорилик) жиноят иши қўзғатилган.