Туркияда кучли сел фалокати: икки киши ҳалок бўлди
8 апрель куни Туркиянинг Усмония вилоятида ёғган кучли ёмғирлар ортидан юзага келган сув тошқини аянчли оқибатларга олиб келди. Маҳаллий ОАВ, жумладан “Sözcü”” хабарига кўра, табиий офат натижасида автомобилда бўлган икки фуқаро ҳалок бўлган.
Маълум қилинишича, Қодирли туманидаги Булбул дараси кучли ёғингарчилик сабаб тошиб, яқин атрофдаги бир қатор маҳаллаларни сув босган. Кучли оқим айрим автомобилларни оқизиб кетган бўлса, бошқалари тўлиқ сув остида қолган. Ана шундай транспорт воситаларидан бирида бўлган икки киши қутқарувчилар етиб келгунига қадар ҳаётдан кўз юмган.
Воқеа жойига вилоят ҳокими Маҳмуд Фотиҳ Серденгечти етиб бориб, зарар кўрган ҳудудларни кўздан кечирди ҳамда вазиятни бевосита назоратга олди. Унинг таъкидлашича, тумандаги Соғлиқни сақлаш бўлими ва Ўқитувчилар уйи яқинидаги автотураргоҳ ҳудудида икки фуқаро ҳалок бўлган, автомобил эса оқим томонидан олиб кетилган.
Шунингдек, сел ва тошқин оқибатларини бартараф этиш учун барча тегишли хизматлар сафарбар этилган. Қутқарув ишлари жараёнида 550 нафар ходим ва 150 дан ортиқ махсус техника жалб қилиниб, аввало фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, сўнг моддий зарарни камайтириш чораларига алоҳида эътибор қаратилган.
Мутасаддилар ҳудудда вазият барқарорлашгунига қадар назорат кучайтирилишини, аҳолига эса эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилиш тавсия этилганини маълум қилди.