Халқаро синовда Япония энг хушмуомала миллат деб топилди
Британиянинг Remitly компанияси 26 та мамлакатдан 4600 дан ортиқ иштирокчиларнинг қатнашиши билан халқаро хушмуомалалик тадқиқотини ўтказди. Респондентлар шахсий тажрибалари ва кузатувларига асосланиб энг хушмуомала ва одобли миллатларни аниқлашлари сўралди.
Тадқиқот натижаларига кўра, Япония 35,15% овоз билан энг юқори ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Канада ва Буюк Британия ҳам кучли учликка кирди. Энг хушмуомала мамлакатлар ўнталигига Хитой, Германия, Филиппин, Швеция, Дания, Финляндия ва Жанубий Африка ҳам кирди.
Қизиқ томон шундаки, бошқаларнинг хушмуомалалик ҳақидаги фикри ва шахсларнинг ўзини баҳолашлари кўпинча фарқ қилади. Масалан, Бразилия ва Чили аҳолиси ўзларини энг хушмуомала деб ҳисоблаб, ўртача 10 баллдан 9,46 балл олган. Шу билан бирга, Япония энг юқори баҳога эришган бўлса ҳам, уларнинг ўзлари ўз хушмуомалаликларини нисбатан паст баҳолашган.
Тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, умумий ҳолатда одамлар ташқи идрок ва фарқларга қарамай, ўзларининг одобли ва хушмуомала эканликларини юқори баҳолашга мойил. Бу эса маданий ва шахсий тушунчалар орасидаги қизиқарли тафовутни кўрсатади.