Тўқаев 2029 йилда лавозимидан кетишини расман тасдиқлади
— Мен буни аввал ҳам айтганман. 2029 йилда президентлик ваколатимни тугатаман. Бу — халқимнинг талаби ва менинг қатъий қарорим, — деди Тўқаев.
Президентнинг таъкидлашича, у давлат бошқарувини илоҳий масъулият эмас, балки халқ томонидан берилган ишонч деб билади.
— Президент Худонинг элчиси эмас. У халқ сайлаган ва ўз халқига хизмат қилувчи мансабдор. Қозоғистонда президентлик фақат етти йил билан чекланган, — дея қўшимча қилди у.
Ислоҳотлар — тўхтовсиз жараён
Қосим-Жўмарт Тўқаев ислоҳотлар йўлида Қозоғистон изчил ҳаракат қилаётганини ва бу жараён узоқ муддатли ҳамда барқарор эканини таъкидлади.
— Биз Қозоғистонни ислоҳотлар мамлакати сифатида яратишда давом этамиз. Мен аминман: миллий манфаатларимиз учун зарур бўлган ҳар қандай ислоҳотни амалга оширамиз. Бу жараёнга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, — деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Тўқаев 2019 йилдаги навбатдан ташқари президентлик сайловларида 70 фоиздан зиёд овоз тўплаб ғалаба қозонган эди. 2022 йил ноябрида эса “Январь воқеалари”дан сўнг яна сайлов ўтказилиб, у 81,31 фоиз овоз билан иккинчи марта президент этиб сайланган. Мазкур сайловда ваколат муддати етти йил деб белгиланган ва у 2029 йилда якунланади.
Шунингдек, Тўқаев аввалги чиқишларида ҳам етти йиллик муддат сайловолди дастури ва режалаштирилган ислоҳотлар учун етарли эканини бир неча бор таъкидлаган эди.
Хулоса сифатида, Қозоғистонда ҳокимиятнинг ўзгариши аста-секинлик билан, тизимли ва демократик жараёнлар орқали амалга ошиши кўзда тутилмоқда. Тўқаевнинг ўз сўзида туриши эса Қозоғистондаги сиёсий барқарорликнинг муҳим белгиси сифатида баҳоланмоқда.