ОПЕК+ нефть қазиб олишни 411 минг баррелга оширади
Виртуал форматда ўтказилган учрашув чоғида иштирокчи давлатлар жаҳон энергетика бозоридаги сўнгги вазият ва истиқболли сценарийларни муҳокама қилди. Мутахассислар фикрича, ушбу қарор глобал иқтисодий барқарорлик, бозордаги талаб ва таклиф мувозанати ҳамда тижорат нефть захираларининг пастлиги фонида қабул қилинди.
ОПЕК+ ушбу миқдорни "уч ойлик ўсиш эквиваленти" деб баҳоламоқда. Бошқача айтганда, июль ойидаги қўшимча қазиб чиқариш 411 минг баррел билан чекланмаслиги, келгусида янада оширилиши мумкин.
Шу билан бирга, ташкилот бу жараённи тўлиқ мослашувчан сақлашини таъкидламоқда. Агар жаҳон бозоридаги конъюнктура ўзгарса, қазиб олиш миқдори қайта кўриб чиқилиши ёки вақтинча тўхтатилиши мумкин. Бу эса ОПЕК+ га нефть нархини барқарор ва бошқариладиган ҳолда ушлаб туриш имконини беради.
Экспертлар фикрича, бу қарор жаҳон энергетика секторидаги нозик мувозанатни сақлаб қолишга қаратилган стратегик қадам ҳисобланади. Шу билан бирга, АҚШ ва Европа давлатларининг нефть захираларини оширишга қаратилган босими, Хитой ва Ҳиндистондаги талаб ўсиши, Россияга қарши санкциялар таъсиридаги мураккаб муҳитда бундай келишув бозор учун муҳим сигнал бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу тариқа, ОПЕК+ гуруҳи яна бир бор ўзини глобал нефт сиёсатининг асосий “ўйинчи”си сифатида намоён этди. Бозордаги ҳар бир ҳаракат энди ушбу гуруҳнинг стратегик қарорларига боғлиқ бўлиб қолмоқда.