Ўзбекистонда Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мактаб очилади
Ушбу таълим муассасасида ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланади. Битирувчиларга давлат аттестати билан бирга халқаро таълим дастури — International Baccalaureate (IB) дипломи ҳам берилади. Бу диплом етакчи хорижий олийгоҳларга кириш имконини яратади.
Мактабда ўқувчилар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилади. Консультантга 15 нафар, ўқитувчига эса 8 нафар ўқувчи тўғри келадиган чеклов нормалари белгиланади.
Указга кўра, мактабда:
• Дарслар вариатив ўқув режалар асосида олиб борилади. Инглиз тилидан ташқари, камида яна бир чет тили ўргатилади.
• Давлат бюджети ҳисобига умумий қабул квотаси 180 нафар ўқувчини ташкил этади.
• Ўқувчилар илмий тадқиқотлар, инновацион стартаплар ва ижтимоий лойиҳалар бўйича шахсий портфолио тузишда кўмак олишади.