Россия БААга 379 кг чувалчанг экспорт қилди!
Ҳабарда қайд этилишича, ушбу чувалчанглар Амирликларда тупроқнинг унумдорлигини ошириш, биогумус (вермикомпост) тайёрлаш ва экологик тоза ўғитлар ишлаб чиқариш учун ишлатилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, чувалчанглар органик чиқиндиларни юқори сифатли биогумусга айлантиради. Вермикомпост таркибида 1,5 фоизгача азот, 0,5 фоиз фосфор ва 0,5 фоиз калий, шунингдек, ўсимликлар ривожи учун зарур бўлган бошқа қимматли микроэлементлар мавжуд.
Манбаларга кўра, ушбу чувалчанглар Екатеринбург шаҳрида жойлашган махсус вермифермада етиштирилган. Вермифермада озиқ-овқат чиқиндилари махсус ёпиқ контейнерларда чувалчанглар ёрдамида қайта ишланиб, экологияга фойда келтирадиган биогумусга айлантирилади.
Экспорт қилинган чувалчангларга тегишли ветеринария ҳужжатлари ҳам тайёрлаб берилган.
Шуни таъкидлаш жоизки, ёмғир чувалчанглари бизнес соҳасида анча сердаромад йўналиш ҳисобланади. Улар нафақат қишлоқ хўжалиги соҳасида ўғит ишлаб чиқаришда, балки балиқлар учун озуқа сифатида ҳам кенг ишлатилади. Шунингдек, айрим мамлакатларда чувалчанглардан фармацевтика маҳсулотлари тайёрлашда ҳам фойдаланилади.
Zamin.uz таҳририяти қизиқарли ва ноодатий экспорт маҳсулотлари ҳақидаги хабарларни сизларга тезкор етказишда давом этади. Сиз бу турдаги бизнес истиқболлари ҳақида нима деб ўйлайсиз?
Фото: Росселхознадзор