Албания Сазан оролида Трампнинг куёвига тегишли курорт қурилишини маъқуллади
Январ ойида Албания инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги мазкур лойиҳага стратегик мақомни берганди. Инвестиция 1,4 миллиард евога баҳоланмоқда, лойиҳа амалга ошириладиган майдон 45 гектарни эгаллайди. Курорт қуриладиган Сазан оролидан олдин советларнинг сувости кемалари базаси сифатида фойдаланилган ва ҳозир ҳам расман ҳарбий ҳудуд ҳисобланади.
Янги курортни Aman Resorts — россиялик бизнесмен Владислав Доронинга тегишли Швецария компанияси бошқаради. Сирли шахс эканлиги боис уни «рус Жеймс Бонди» деб аташади. Aman курортлари дунёдаги энг ҳашаматли дам олиш масканларидан ҳисобланади: тармоқ 20 та давлатдаги 30 дан ортиқ меҳмонхонани бошқаради. У ердаги хоналарда бир кеча тунаб қолиш учун салкам 1,4 минг доллар тўлаш керак, алоҳида виллалар ижараси эса 50 минг долларгача етиши мумкин. Aman’нинг доимий мижозлари орасида Билль Гейтс, Марк Цукерберг, Кардашянлар оиласи, Анжелина Жоли, Дэвид Бекҳем, Том Ҳенкс ҳам бор.
Албания — Кушнернинг Болқондаги ягона лойиҳаси эмас. У, шунингдек, Белградда 1999 йилда вайрон қилинган собиқ Мудофаа вазирлиги биносини ҳам реконструкция қилишни режалаштирмоқда. Сербия ҳукумати билан келишувга кўра, унинг ўрнида меҳмонхона ва ҳарбий ҳаракатлар қурбонлари хотирасига бағишланган мемориал пайдо бўлади.