“Интер” – “Барселона”: Жавоб баҳси олдидан прогнозлар меҳмонлар ғалабасини башорат қилмоқда
Мазкур тўқнашув олдидан бир қатор нуфузли халқаро нашрлар баҳсга доир ўз тахминларини эълон қилди. Қизиқ томони шундаки, деярли барча таҳлилчилар ушбу учрашувда меҳмон жамоа — “Барселона”нинг ғалабасини кутмоқда.
Жумладан, британиялик “SportMole” нашрининг тахминига кўра, тўқнашув 1:2 ҳисобида каталонияликлар фойдасига якун топади. Нашр мутахассислари "Барса"нинг ҳужумдаги юқори самарадорлиги ва Ламин Ямал, Ферран Торрес каби ёш юлдузларнинг ўйинларини асосий афзаллик сифатида кўрсатишган.
Шу билан бирга, америкалик “CBS Sports” таҳлилчилари ҳам “Интер” – “Барселона” учрашувини 1:2 ҳисобида меҳмонлар фойдасига тугашини башорат қилган. Улар “Барселона”нинг биринчи ўйиндаги юқори темпи ва тезкор пас алмашинувини назарда тутиб, бу ўйинда ҳам шунга ўхшаш сценарий бўлиши мумкинлигини таъкидлашган.
“Sportskeeda” нашри ҳам ўз прогнозида “Интер” 1:2 “Барселона” натижасини кўрсатди. Уларнинг фикрича, “Интер” бир гол киритишга қодир, аммо “Барса”нинг ҳужумдаги креатив ва тезкор ўйини натижада ғалабани уларга олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, жамоалар ўртасидаги илк баҳс жуда драматик тарзда 3:3 ҳисобида якунланган эди. Шу сабаб жавоб учрашуви Европа миқёсидаги энг интиқлик билан кутилган учрашувлардан бирига айланди.
Таҳлилчиларнинг фикрлари қанчалик тўғри чиқади, буни албатта, тўғридан-тўғри эфирда билиб оламиз. Битта нарса аниқ — бу кеча футбол ихлосмандлари учун ҳақиқий тантанага айланиши кутилмоқда. Сиз қайси жамоанинг ғалабасини кутяпсиз?