Фото: Дарё.Жорий йил 3 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Ғайрат Дўстовга берилган 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини 8 суткагача қисқартирди ва ушбу муддат ўтаб бўлингани учун у суд залидан озод қилинди.
Ғайрат Дўстов 2024 йил 23 декабрда Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги Олтинтопган кўчаси, 2-уйда жойлашган “Моротранс” МЧЖга қарашли газ қуйиш шохобчасида навбат кутиб, навбати яқин қолганда шохобча ёпилганидан норози бўлган ва шу вақтда айтган гаплари интернетда тарқалган эди.
Шундан кейин у 2024 йил 25 декабр куни қўлга олиниб, 26 декабрда Бектемир туман суди томонидан майда безорилик моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган эди.
Ғайрат Дўстовнинг жорий йил 3 январ кунги апелляция судида айтишича, у дастлабки суд қароридан кейин “Панелний”да фақат 1 кеча сақланган, кейин пойтахт ИИББга олиб борилган.
Судя Фарруҳ Маҳмудов раислигидаги апелляция суди дастлаб жавобгарнинг иштирокисиз бошланган эди, аммо адвокатларнинг талабига асосан, Ғайрат Дўстов судга олиб келинди. Суд жараёнида унинг тоби қочгани сабаб, ишни кўришда бироз вақт танаффус бўлди. Дўстов ўзига келгач, суд жараёни давом эттирилди.