Тошкентдаги «Аския» бозорининг мулкий мажмуаси жорий йил 20 декабрда «E-auksion» платформасида сотувга қўйилган эди.
15 дақиқа давом этган аукционда биргина таклифи билан Хитойнинг «Sheng-Ke International» компанияси ғолиб деб топилган. Компания шаҳар марказидаги бозорни бошланғич нархдан 5 фоиз юқори бўлган 225,59 млрд сўмлик таклиф билан ютиб олган.
Очиқ маълумотларга кўра, «Sheng-Ke International» МЧЖ ХК шу йилнинг май ойида ташкил этилган ва ихтисослаштирилган қурилиш ишлари билан шуғулланади. Устав капитали 68 млрд сўм бўлган компаниянинг ягона таъсисчиси Қозоғистондан бўлган худди шу номдаги МЧЖ, раҳбари эса Чен Майсюан ҳисобланади.
Маълумот учун, «Аския деҳқон бозори»ни сотиб олган харидор объектни замонавий бозорга айлантириши, жумладан, бозор ўрнида умумий майдони камида 3 000 кв.метр бўлган «Экобозор», майдони камида 1 200 кв.метр бўлган «Совутгич омборхона», савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасини (автотураргоҳи билан бирга) ҳамда лойиҳа концепциясига мувофиқ бошқа объектларни барпо этиши зарур.
Бозор жойлашган Яккасарой тумани ҳокимлиги расмийсига кўра, бозорни қайта қуриш натижасида 150 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестисиялар ўзлаштирилади. Янги бозор ёнида Жаҳон стандартларига мос равишда қуриладиган 4 юлдузли меҳмонхона иш фаолиятини бошлайди. Шунингдек, лойиҳа йирик савдо комплексини ўз ичига олиб, унга ҳам жаҳон стандартлари асосида юлдуз олинади.
Лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида эса 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши айтиб ўтилди.