Фото: China 14th Bureau GroupХитойлик мутахассислар дунёдаги энг катта сувости Цзинан-Хуанган туннели қурилишини
якунлади. New Atlas’нинг ёзишича, 3290 метрли туннел Хуанхэ дарёси остидан, 30 метрли чуқурликда ўтган.
Қайд этилишича, сувости туннели узунлиги 5755 метрга тенг Хуанган-Роуд-Кросс-Хуан магистралининг таркибига киради. Туннелдан ўтадиган олти полосали янги шоссе орқали турли транспорт воситалари соатига 60 километргача тезликда ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Туннел диаметри 17 метрни ташкил этади — бу унинг Буюк Британия ва Францияни боғлаб турувчи Ла-Манш остидан ўтган машҳур Евротуннелдан ҳам катталигини англатади (унинг диаметри 7,6 метрга тенг).
Хитой туннелининг қурилишида дунёдаги энг катта «Шанхэ» бурғиловчи машинасидан фойдаланилган — унинг баландлиги беш қаватли уйники билан тенг. Машина 7510 от кучига эга, айланувчи моменти эса 35 минг килонютон-метрни ташкил этади.
Қурилиш давомида махсус автоматик ҳаво ёстиқчалари тизимидан фойдаланилган бўлиб, у босимни барқарорлаштиришга, конструкцияни ушлаб туриш ва сув босиш эҳтимолининг олдини олишга ёрдам берган.
Туннел бир вақтнинг ўзида иккита рекорд ўрнатди: биринчиси — диаметри бўйича, иккинчиси — қурилиш вақти бўйича. Бу қадар катта лойиҳа 110 кун ичида якунланди.