Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 20 ёшли аскар вафот этгани бўйича текширув ҳаракатлари ўтказган Тошкент ҳарбий прокуратураси ҳарбий қисмда суткалик наряд ва қурол-яроғни топшириш-қабул қилишда камчиликларга йўл қўйилганини аниқлаган. Бу ҳақда Бош прокуратурага таяниб «Kun.uz» хабар берди.
Аниқланишича, 2023 йил 11 январь куни соат 10:00 да оддий аскар Миржалол Имомов ҳарбий қисм назорат ўтиш пунктида суткалик нарядини ўтаётган вақтида дам олиш хонасига кириб, қурол сақлаш жавонида турган, бошқа бир навбатчи сержантга бириктирилган АК-74 русумли автоматни олган ҳамда қуролдан ўзининг жағ қисмидан отиб, жонига қасд қилган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўпланган ҳужжатлар ва экспертизалар хулосаларига кўра, аскарнинг ўлимида бирор-бир шахснинг ҳаракатида жиноят аломатлари аниқланмаган.
Шунингдек, Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳарбий қисмда суткалик наряд ва қурол-яроғни топшириш-қабул қилишда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони номига тақдимнома киритилган. Қабул қилинган қарор қонунийлиги ҳарбий прокурор томонидан назорат тартибида ўрганилмоқда.