Фото: Getty Images «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин Россияда машҳур YouTube сайти тез орада ёпилишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, видеохостингдан фойдаланганлик учун жазо барча россияликларга таъсир қилади. Бу ҳақда Пригожиннинг шахсий матбуот хизмати хабар берди. «Энди сизларга бир сирни айтаман. Ўзини худди қатнашаётгандек кўрсатадиган, аслида бизга махсус операцияда халақит берадиган, 9 май куни Россия байроғини кўтарадиган, лекин қариндошларини хорижга жўнатадиган, Дубайда гольф ўйнайдиганлар тишини қанчалик ғижирлатмасин, YouTube тез орада ёпилади. YouTube’дан фаол фойдаланаётганлар эса, ўз навбатида, аниқланиб, муносиб жазосини олади», деди у. Аввалроқ, Пригожин Россия Бош прокуратурасига мурожаат қилиб, YouTube фаолиятини текшириш ва Россия ҳудудида уни тақиқлашни сўраган эди. Шу билан бирга, дунёнинг етакчи ижтимоий тармоқларидан Facebook, Instagram ва Twitter 2022 йил март ойидан бери Россия ҳудудида тақиқланган.