Фото: Asia-Plus Тожикистон экстремал экологик зарбаларни бартараф этиш учун зарур ресурсларга эга бўлмаган давлатлардан бири деб топилди. Шу боис мамлакат Ернинг экологик «қайноқ нуқталари» рўйхатига киритилди, деб хабар бермоқда Asia-Plus. Иқтисодиёт ва тинчлик институти 228 мамлакатни қамраб олган «Атроф-муҳит таҳдидлари» тўғрисидаги йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботнинг асосий мақсадларидан бири экстремал экологик зарбаларни бартараф этиш учун зарур ресурсларга эга бўлмаган мамлакатлар ва ҳудудларни аниқлашдан иборат. Ҳисобот муаллифлари 56 фоиз мамлакат бугун жиддий экологик таҳдидга дуч келмоқда, деган хулосага келди. - Тадқиқотда умумий аҳолиси 768 миллион киши бўлган 27 та давлат аниқланди, булар экологик ва иқлим таҳдидлари бўйича сайёрамизнинг «қайноқ нуқталари» ҳисобланади. Улар орасида Марказий Осиёдан ягона давлат — Тожикистон ҳам бор, — дейилади хабарда. «Қайноқ нуқталар» рўйхатига Африка ва Яқин Шарқнинг 24 давлати, Венесуэла ва Афғонистон киради. Ҳисобот муаллифларининг фикрича, дунёнинг ушбу «қайноқ нуқталари»да аҳоли сонининг тез ўсиши, сув танқислиги хавфи ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби экологик таҳдидлар иқлим ўзгариши билан кучайиб, оммавий миграция ва можароларга сабаб бўлмоқда. Табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалиги бўйича иқтисодчи Матиас Лейтнер ва Осиё тараққиёт банкининг иқлим ўзгариши бўйича мутахассиси Малте Маасснинг фикрича, Тожикистон аллақачон иқлим ўзгариши таъсиридан азият чекмоқда: музликлар тобора кўпроқ эриб, сувларнинг кўпроқ оқиб кетишига олиб келмоқда, бу эса кейинчалик сув ҳажмининг аста-секин камайишига сабаб бўлади. Кучли қурғоқчилик ва ҳароратнинг ошиши билан биргаликда бу таъсирлар Тожикистон қишлоқ хўжалиги ҳамда энергетика сектори учун катта муаммо туғдиради, чунки мамлакатда истеъмол қилинадиган электр энергиясининг катта қисми гидроэнергетикадан олинади. Бундан ташқари, йиллик «Атроф-муҳит таҳдидлари» ҳақидаги ҳисоботда иқлим ва атроф-муҳит деградациясининг можаролар, фуқаролик тартибсизликлари ва оммавий миграция хавфи юқори бўлган мамлакатларга таъсири таҳлил қилинган.