Давлат ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш, уларнинг таълим олиши учун зарур шарт-шароит яратишга кўмаклашиши зарурлиги ҳақида “Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти Анваржон Миркомилов ўз фикрларини билдирди.
– Маълумки, ногиронлиги бўлганларга меҳр-мурувват кўрсатиш, кўмак бериш, уларнинг дардига малҳам бўлиш, ҳолидан хабар олиш каби инсонпарварлик туйғулари халқимизга хос қадриятлар ҳисобланади.
Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамасидан кейин ҳам кенг жамоатчилик томонидан билдирилган тавсия ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳасига янги нормалар киритилмоқда.
Масалан, амалдаги Конституциянинг 45-моддасида “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”, деган норма мавжуд. Ушбу моддага “Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратади, ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди”,деган нормани киритиш таклиф этилмоқда.
Киритилаётган ўзгартиш орқали аҳолининг бошқаларга қараганда ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга кўпроқ муҳтож бўлган қатлами ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилиши қатъий белгилаб қўйилади.
Албатта, бундай мазмундаги модданинг Асосий қонунимизда ўз ифодасининг топиши ҳам бежиз эмас, негаки, ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган қадриятлари орасида ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар томонлама кўмак бериш, саховат кўрсатиш каби амаллар жамият ва давлат олдидаги масъулиятли вазифалардан бири ҳисобланган.
Дарҳақиқат, янгиланаётган Конституцияда мамлакатимиз ўз олдига ижтимоий давлат қуришни мақсад қиларкан, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратиш, уларнинг ишга жойлашиши ва таълим олишига кўмаклашиш каби вазифаларни ўз зиммасига олиши давлатнинг асосий функцияларидан биридир.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай шаклда ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади. Давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратади. Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим муассасаларида инклюзив таълим ташкил этилади”, деган қоидаларни Конституцияда қатъий мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этганди.
Рақамларга эътибор қаратсак, бугун мамлакатимизда бир миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар истиқомат қилади. Сўнгги йилларда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига оид қатор норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинди ҳамда амалий чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунга мисол қилиб қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин.
2020 йил 15 октябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқларига бағишланган БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция Ўзбекистон томонидан 2009 йилда имзоланган ҳолда 2021 йилда ратификация қилиниши бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилишига замин яратди.
Яна бир жиҳат: шу каби нормалар Германия, Испания, Италия, Польша, Франция ва МДҲ давлатлари конституцияларида ҳам мавжуд.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, Конституциянинг 45 моддасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятнинг тўлақонли аъзо сифатида ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан фойдаланиши учун давлат ва нодавлат сектор томонидан шарт-шароит яратилиши, шаҳарсозликда, инфратузилмаларнинг бунёд этилишида, аввало, уларнинг фойдаланиш имкониятларининг назарда тутилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, мазкур модда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишга жойлашишлари, бу орқали мунтазам даромад манбаига эга бўлишларига мустаҳкам пойдевор бўлади.