Бош прокуратура, аввалроқ хабар берилган «Тошкентда эр аёлини ўлдириб, жасадини 2 кун машинасида сақлаб юргани» ҳақидаги воқеа юзасидан маълумотга аниқлик киритмоқда.
Қайд этилишича, 2022 йил 10 июнь куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшаган эркак ўзи билан шаръий никоҳда бўлган 35 ёшли аёл учун тез тиббий ёрдам чақирган. Тиббиёт ходимлари соат 09:00 да Д.Ж.нинг уйига етиб келиб, кўрсатган тиббий ёрдамга қарамасдан, соат 09:45 да аёл яшаш уйида вафот этган.
Шундан сўнг, соат 11:27 да тез ёрдам ходимлари томонидан «102»га хабар берилган, ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи келиб, суд-тиббиёт экспертизаси тайинлаш ҳақидаги қарор профилактика инспекторига тақдим этилган. Шу куннинг ўзида соат 14:00 ларда экспертиза бюросида мурдани экспертизадан ўтказиш бошланган.
Ижтимоий тармоқларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган видеотасвир эса жорий йил 10 июнь куни соат 18:00 ларда марҳуманинг мурдаси суд-тиббиёт экспертизаси текширувларидан олиниб, турмуш ўртоғи томонидан Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги яшаш жойига автомашинада олиб келинган вақтда олинган.