Хабарингиз бор, ўзбек клублари учун ёзги трансфер ойнаси очилди. Айрим жамоалар аллақачон янгиларни рўйхатдан ўтказишга улгурди. Яна кимлардир ўзи учун керакли бўлган зоналарни кучайтириш учун изланишда давом этмоқда. SPORTS.uz жорий мавсумда чемпионлик учун талашаётган 6 клубга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, қайси позицияларни кучайтириши кераклиги борасида фикр юритади. Мақолани ҳажми катта бўлиб кетмаслиги учун уни икки қисмга бўлиб тақдим этамиз. "Насаф" Марказий ҳужумчи Қаршиликлар жорий мавсумда чемпионликни олдига мақсад қилиб қўйганидан хабарингиз бор. Биринчи даврадан сўнг "аждарлар" олтин медаллар учун олти даъвогардан бири бўлиб турибди. Ҳозир, Рўқизул Бердиев ҳар сафаргидан-да кўпроқ янги ижрочиларга муҳтож. Қаршида ўз ўрнини топа олмаган Семир Смайлагич жамоани тарк этди. Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозониш учун яхши имкониятга эга жамоа биттагина марказий ҳужумчи билан қолиб кетди. Таркибга эътибор бериб қарасак, Ҳусаин Норчаевдан бошқа соф форвард йўқ эканлигини дарров пайқайсиз. Жорий мавсум стартидаги ОЧЛ ўйинлари, Суперлигадаги қизғин кураш, юртимизда бўлиб ўтган U23 Осиё Кубоги "аждарлар" страйкерини анча ҳолдан тойдирди. У қанчалар курашга чанқоқ бўлмасин, бир футболчи учун 3 та катта турнирда 100 фоиз куч билан ҳаракат қилиш қийин. Боз устига, жароҳатлардан ҳеч ким суғурталанмаган. Бундай вазиятда Рўзиқул аканинг жамоасига Норчаевдан сал ёши каттароқ, тажрибаси бор бўлган тўпурар сув ва ҳаводек зарур. Катта эҳтимол билан, захира ўриндиғида ўйинни бошласада, исталган пайтда "жангга қўшилиб", таблодаги ҳисобга таъсир кўрсатишга қодир футболчи чемпионлик учун ташланган дадил қадам бўлади. АГМК Таянч ярим ҳимоячи Мавсум бошида Йован Жокич "Навбаҳор"га ўтиб кетганида, ҳеч ким АГМК учун катта муаммо пайдо бўлишига ишонмагани рост. Қосимов болқонлик таянч ярим ҳимоячининг ўрнини Сиявуш Ҳақназари ва Алишер Жалилов билан тўлдиришга уриниб кўрди. Шунингдек, Миржамол Қосимовнинг ҳам исталган вазиятда марказда сифатли ўйин намойиш этишига умид қилингани аниқ. Амалда барчаси бошқача кўриниш олди. Ҳақназари Ўзбекистондаги илк ойларида адаптация сабабли формага кира олмади. Алишер Жалилов эса Тожикистоннинг энг яхши футболчиси бўлишига қарамай, Суперлигада қолганлардан бир бош ажралиб тура олмади. Миржамол Қосимов таянч зонасидаги курашларда ғалаба қозонишни ҳар сафар ҳам уддалай олмади. Миржалол Қўшоқович томонидан марказга кўчирилган Санжар Турсунов таянч позициясида истаса ҳам кўнгилдагидек ўйнай олмади. Натижада, "кончилар"нинг марказий зонасида муаммолар кўзга ташлана бошлади. Доим майдонда қора ишни амалга оширган Жокични ўрнини тўлдириш ҳозир олмалиқликлар учун жуда муҳим. Таркибда топ даражадаги ижрочилар бор. Тажрибали мураббий ва катта ўйинларни кўрган футболчилар ҳал қилувчи турда чемпионликни илиб кетиши мумкин. Бунинг учун марказдаги бўшлиқни иложи борича тезроқ сифатли ижрочи билан тўлдириш лозим. Ҳозирги АГМК таркибида бирорта соф таянч ярим ҳимоячиси қолмаганини инобатга олсак, бу жамоанинг чемпионлик учун курашдаги имкониятларига каттагина таъсир кўрсатиши аниқ. "Қизилқум" Креатив плеймейкер Никола Лазаревич шогирдлари мавсумни жуда яхши бошлади, аммо кейин кетма-кет очколарни бой берди. 1-давра сўнгида эса, ўз позициясини бироз тиклаб олди. Шунга қарамай, трансфер ойнасидаги фаоллик зарафшонликларга зарар қилмайди. Айниқса, майдон марказидаги креатив плеймейкер "Қизилқум"ни янада хавфли рақибга айлантириши мумкин. Жамоа таркибига эътибор қаратар эканмиз, футболчилар 3-5-2 схемаси учун идеал тарзда мос тушишига гувоҳ бўламиз. Иккита юқори даражадаги марказий ҳужумчи ва қанотнинг исталган қисмида "ёндиришга" қодир йигитлар Лазаревич режаларини тўлиқ амалга ошириши мумкин. Бироқ камчиликлар ҳам йўқ эмас. "Қизилқум"нинг ўйинларини кузатиб борган бўлсангиз, майдон маркази ва ҳужумчилар ўртасидаги бўшлиққа бир неча бор гувоҳ бўлгансиз. Темурхўжа Абдуҳолиқов ва Александар Станиславлевич кўп вазиятларда соф плеймейкернинг йўқлиги боис, ўйиндан узилиб қолмоқда. Жамоа учун "фантазиста" образидаги эркин ижодкор яхшигина плюс бўлиши аниқ. Таркибдаги Санжар Шоаҳмедов бу ишни қисман уддаламоқда, лекин олдинга чемпионликни мақсад қилган клуб мавсумни биргина ижрочига суяниб ўтказмаслиги шарт. Жамшид Искандеров сингари ўйинни ўқий оладиган ижрочи "олтин қазувчилар" учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин. Ҳужумларни фақат қанотлардан эмас, марказдан ҳам уюштириш имконияти мураббий учун майдонда кўплаб "манёвр"ларни амалга ошириш имконини тақдим этади.