Блогер Тимур Саттаров ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Бухоро шаҳридаги “Чор Минор” мадрасаси объекти ва унинг атрофидаги ҳолат бўйича видео жойлади. Вазият 27 январь куни мутасадди ташкилотлар, жамоатчилик ва шу ҳудудда яшовчи аҳоли билан биргаликда жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш натижасига кўра, “Чор Минор” мадрасаси ва унинг атрофидаги ҳудуд айни пайтда озода экани, бу ерда ҳеч қандай қўйхона мавжуд эмаслиги ва видеода акс этган ҳолат ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум бўлди.
“Чор Минор” мадрасаси жойлашган “Алишер Навоий” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шаҳноза Камолованинг сўзларига кўра, аёл 2,5 йилдан буён ушбу маҳаллада ишлаб келмоқда ва бу давр ичида кўрсатилган жойда қўйхона мавжуд бўлмаган, видеодаги ҳолат 3 йил олдин кузатилган.
Маълум қилинишича, ушбу ҳудуднинг озода ва тартибли сақланиши бўйича фуқаро Мансур Сафаров масъул этиб бириктирилган. Маҳаллий аҳоли ҳам аёлнинг гапларини тасдиқлади.
Блогерлардан улуғ аждодларимиздан бизгача етиб келган обидаларнинг нуфузига салбий таъсир этиши ва шу жойда яшовчи аҳолининг қадр-қимматини оёқости қилиши мумкин бўлган, ҳақиқатга зид ҳабарларни тарқатмасликка ва бу йўналишда тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилишга чақирамиз.
Эслатма: Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳар қандай асосланмаган маълумотни тарқатишга сабабчи бўлган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши белгиланган. Қонунчиликка амал қилинмай, асоссиз маълумотлар тарқатувчи шахсларнинг иши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади.
Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси Матбуот хизмати.