Франция Ўзбекистонда чорвачилик ривожи учун 100 миллион евро миқдорида қарз ажратди
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида имзоланган битимга асосан “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳасини молиялаштириш учун 100 миллион евро миқдорида қарз ажратиш назарда тутилган.
2022-2026 йиллар мобайнида амалга оширилажак мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 147,07 миллион евро эквивалентида бўлиб, бунинг 100 миллион евроси ФТА кредити, 29,96 миллион евроси бенефициарлар улуши, 17,1 миллион евроси эса Ўзбекистон Республикаси улуши бўлиб ҳисобланади.
Президент қарорида қайд этилишича, лойиҳа дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида назарда тутилган чора-тадбирлар 50 фоиздан зиёд молиялаштирилганидан кейин республиканинг барча вилоятларида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Кредит линиясини бошқариш, ФТАнинг қарзи ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари лойиҳада иштирок этувчи тижорат банклари зиммасига юкланган.
Ҳужжат жорий йилнинг 14 январидан кучга кирган.