“Рома” А Серияда кутилган натижаларни қайд этолмаяпти. Жозе Моуриньо шогирдлари нафақат лиганинг етакчи клублари, балки ўртамиёна ва аутсайдер жамоаларига ҳам ютқазиб қўймоқда. Натижада жорий мавсум учун жамоа олдига қўйилган вазифа – Чемпионлар лигасига чиқиш ва Конференциялар лигаси бош совринини қўлга киритиш имкониятидан тобора узоқлашиб бормоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда, кўпчилик “Рома” хўжайинларининг Жозе Моуриньога қандай муносабат билдириши қизиқтирмоқда. Бундан ташқари, “Эвертон” португалиялик мутахассисни бош мураббийликка чақиришни режалаштираётгани ҳам бу масалага кўплаб мухлису мутахассислар эътиборини қаратди. Таниқли журналист Фабрицио Романо “Рома” раҳбарияти Моуриньога ишонч билдиришда давом этиш бўйича якуний қарорга келганини таъкидламоқда. Улар бош мураббийни қўллаб-қувватлаш мақсадида қишки трансферлар учун ҳам маблағ ажратади. “Рома” хўжайинлари уч йилга мўлжалланган лойиҳа ишлаб чиққан. Уни амалга ошириш орқали “Рома”ни грандклублар сафига қайтиришмоқчи. Лойиҳага айнан Жозе Моуриньо бош бўлиши кўзда тутилган. Шунинг учун ҳам унинг шартномаси уч йилга мўлжалланган ва 2024 йилнинг ёзигача давом этади. “Рома”да чемпионлар йўқ! “Рома” афсонаси Франческо Тотти жамоанинг ҳозирги муваффақиятсизликларига қарамай, бош мураббий Жозе Моуриньони қўллаб-қувватлашини билдирди. - “Рома”га мухлислик қиладиган сабрли бўлишга ўрганиб қолган. Мен Моуриньони жамоани ўзига лойиқ бўлган юқорига кўтаришни истаётганига аминман. Унга вақт бериш керак ва ҳозирги ҳолат узоқ давом этмайди. Ғолиб чиқиш учун буюк ўйинчилар ва шунга яраша мураббий керак. “Рома”да чемпионлар йўқ, лекин яхши ўйинчилар жамланган, уларни тўғри йўналтирса, яхши натижага эриша олишади, - деди Тотти. Моуриньонинг нишонида кимлар бор? Жозе Моуриньо “Рома” таркиби кучайтирилиши кераклигини таъкидлаб келмоқда. Спорт директори Тиаго Пинту бир неча йўналиш бўйича иш олиб боряпти. Рим клуби қизиқаётган футболчилар орасида “Норвич” вакили Макс Ааронс ҳам бор. Бу футболчи ўнг қанотни тўлиқ ёпиш имконига эга. У Римга келса, Рик Карсдорпга ўринбосар ва рақобатчи бўла олади. Моуриньо Бундеслигидан ҳам бир неча футболчини кўзламоқда. Хусусан, “Хоффенхайм” ярим ҳимоячиси Флориан Гриллич ҳам Италияга келиши мумкин. Бундан ташқари, Рим клуби “Бавария”нинг икки ўйинчисига даъвогарлик қилмоқда. Улардан бири мюнхенликлар таркибида кутилган имкониятга эга бўлмаётган испаниялик ярим ҳимоячи Марк Рокадир. 25 ёшли футболчи жорий мавсумда бирорта учрашувда қатнашмади. У ёзда “Бавария”га ўткунга қадар бир неча йил давомида “Эспаньол”нинг етакчи футболчиларидан бўлган. Иккинчи номзод анча таниқли Корентен Толиссодир. Франциялик ярим ҳимоячи бу йил асосий таркибга киришга қийналмоқда. Чемпион жамоа сафида Бундеслигада 306 дақиқа, Европа Чемпионлар лигасида 94 дақиқа тўр тепган ўйинчи мавсум якунланиши билан Мюнхен клубини тарк этишга қарор қилган. Толиссога Европанинг бошқа клубларидан ҳам қизиқиш бўляпти. “Рома” футболчисига харидор чиқди Рим клубининг испаниялик ярим ҳимоячиси Гонсало Вильяр юртига қайтиб кетиши мумкин. Истеъдодли ярим ҳимоячи Жозе Моуриньо келганидан кейин асосий таркибга киришга қийналмоқда. Таниқлик журналист Николо Скиранинг маълум қилишича, 23 ёшли футболчига “Валенсия”дан таклиф бор. Испанияликлар Вильярни январь ойида трансфер қилмоқчи. “Рома” ҳам уни қўйиб юборишга қарши эмас. Томонлар музокараларни бошлаб юборгани айтилмоқда. Transfermarkt портали испан футболчисини 14 миллион еврога баҳолаган. Вильяр жорий мавсумда атиги тўртта учрашувда қатнашиб, бирор самарали ҳаракатни амалга оширгани йўқ.