20 ноябрь куни Осиё олимпия кенгашининг Бош ассамблеяси 40-юбилейи арафасида Ижроия кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. «Бу Ўзбекистон делегацияси учун чинакам муҳим воқеадир. ОСА президенти вазифасини бажарувчи Ража Рандҳир Сингҳ ва ОСА бош директори доктор Ҳусайн Ал-Мусаллам билан музокаралар, шунингдек, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси раҳбари Робин Митчелл билан ўтказилган музокаралар жуда самарали бўлди», дея ёзади Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров телеграмдаги саҳифасида. 21 ноябрь куни БАА Спорт бош бошқармаси раиси – Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти билан музокаралар бўлиб ўтди. «Доктор Аҳмад Абдуллоҳ Ҳумейд Бил Ҳул Ал Фаласий қитъа мамлакатлари аро мулоқот учун Осиё Олимпия кенгаши муҳим эканлигини таъкидлади. БААдаги дўстларимиз Ўзбекистон спортчиларининг муваффақиятларини диққат билан кузатиб борадилар ва мамлакат раҳбариятининг оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайдилар. Ўзбекистоннинг кўплаб спорт йўналишларидаги етакчилик позициялари алоҳида қайд этилди: БАА, ўз навбатида, бундай салмоқли натижаларга эришиш имконини берувчи тажрибани ўзлаштиришдан манфаатдор. Албатта, ушбу ҳамкорлик доирасида давлатлар ўртасидаги муносабатлар янада чуқурлашиб боради», дейилади хабарда.