Қирғизистон Бош прокуратураси ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг ўлимини тергов қилишни Жазони ўташ бош бошқармасидан бошқа ташкилотга ўтказиб бериш юзасидан адвокатлар киритган илтимосномани қаноатлантирди.
“Бир дунё-Қирғизистон” жамоат ташкилотининг 28 сентябрда билдиришича, ҳуқуқ фаолининг ўлими билан боғлиқ ишни эндиликда Миллий хавфсизлик қўмитаси тергов қилади.
Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеаларига алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У қамоқхонада зотилжам хасталигига чалиниб, 2020 йил 25 июль куни 69 ёшида вафот этган. Унинг жасади Тошкентда дафн қилинган.
Фаоллар Асқаров қамоқда тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмагани оқибатида вафот этганини айтиб келадилар.
Аммо Жазони ўташ бош бошқармаси ўтказган дастлабки терговда бу иддао рад этилган ва 1 июнда иш ёпилган эди. 27 июлда эса Бишкек суди қарори билан тергов қайта жонлантирилган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ундан қасд олганини айтиб келган.