Ижтимоий тармоқларда 22 сентябрь куни Тошкент метрополитенининг «Ўзбекистон» метро бекатида гўёки ўзини метро рельсларига ташламоқчи бўлган аёл ички ишлар органи ходими томонидан қутқариб қолингани акс этган видеоёзув тарқалди. Аслида эса 21 сентябрь куни соат тахминан 13:30 атрофида юз берган бу ҳодисада ҳеч ким ўз жонига қасд қилмоқчи бўлмаган. Бу ҳақда аёлни рельсларга йиқилишдан асраб қолган ходим — ИИВ Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси сержанти Зокир Умаров «Дарё» мухбири билан суҳбатда маълум қилди.
47 ёшли сержантнинг таъкидлашича, метрополитендаги 23 йиллик фаолияти давомида у навбатчилик қилган вақтларда бирор кишининг рельсга ўзини ташлаши ҳодисаси юз бермаган, куни кеча ижтимоий тармоқларда шов-шувга айлангани каби воқеа у билан илк бор содир бўлмоқда.
«‘Космонавтлар’ бекати тарафдан келган поезд вагонидан ўрта ёшлардаги бир аёл тушиб, ноодатий ҳаракат қилган ҳолда (буни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувларда ҳам пайқаш мумкин), қарама-қарши томондаги электропоезд йўлига юриб бора бошлади. У поезд йўлига тушиб кетай деганда ушлаб қолдим. Очиғи, ўша лаҳзада улгуролмай қолишдан қўрқдим, аёл йиқилиб, жароҳатланмаганига хурсанд бўлдим», — дейди Зокир Умаров.
Маълумотларга кўра, метро йўлига тушиб кетай деган аёл 28 ёшда бўлиб, асли Жиззах вилоятидан, Тошкент шаҳридаги тўқимачилик корхоналаридан бирида ишлайди. Воқеанинг эртасига унинг яқин қариндошлари билан боғланилганида, улар аёлнинг аҳволи яхшилигини маълум қилган ва сержант Зокир Умаровга алоҳида миннатдорчилик билдирган. Бироқ ҳодиса юз бергани куни аёлнинг ҳуши ўзида бўлмаган, ҳатто «гапиришга ҳам ҳоли йўқ эди».
«Аёлни ўриндиққа ўтказиб, биринчи ёрдам кўрсатдик. Ўзига келгач, нега бундай қилганини сўрадим. У: ‘Вагонда одам кўп экан, ҳаво етишмай, мазам бўлмай қолди’, деди. Нима бўлганини ҳам тушунмаётганди, воқеани айтиб берганимиздан сўнг: ‘Мен нима бўлаётганини билмай қолдим, ҳушим ўзимда эмасди’, деди. Ёрдам керакмаслиги, уйга ўзи етиб олишини айтгач, кетишига рухсат бердик», — дейди сержант.
«Ўзбекистон» метро бекатида 21 сентябрь куни юз берган воқеа нохуш оқибатларсиз якун топган бўлса-да, афсуски, Тошкент метрополитенида йўловчиларнинг рельсларга тушиб кетиши ҳолатлари ҳеч қачон бўлмаган, деб бўлмайди.
Зокир Умаров «Дарё» мухбири билан суҳбатда қайд этишича, кўпинча йўловчиларнинг эҳтиётсизлиги туфайли телефон, сумка каби турли буюмларнинг метро йўлига тушиб кетиш ҳолатлари учраб туради. Шу каби вазиятларда метрополитен ходимларига маълум қилинади ва улар махсус таёқча билан буюмни рельсдан олиб беради.
«Бир сафар шундай ҳолат бўлганди: йўловчилардан бирининг кўп миқдордаги пули қўлидан тушиб кетган, пулларни эса поезд ўзи билан тортиб олиб кетиб қолган. Ўшанда фуқаронинг пуллари метрополитеннинг иш вақти тугагач, ходимлар томонидан йиғиб олиниб, эгасига етказиб берилганди», — дея эслади сержант.