Туркманистон президентининг ўғли президент курсисига ўтиришга имкон берадиган ёшга етди. Бу орада миллий байрам – Мустақиллик куни арафасида олий қонун чиқарувчи органнинг йиғилиши чақирилгани маълум бўлди. Озод Европа-Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, мамлакатда ҳокимият “ворис”га топшириладиган кунлар унча узоқ бўлмаслиги мумкин.
“Узлатдаги подшолик"дан муҳим хабарлар
Бу ой Туркманистонда бир нечта катта воқеа юз бериши кутилмоқдаки, улар биргаликда ушбу “узлатдаги подшолик” учун муҳим хабарлар манбаи бўлиши мумкин.
27 сентябрь куни Туркманистонда Мустақиллик куни нишонланади. Ушбу сана арафасида амалда бор-йўқлиги деярли сезилмаса-да, расман давлатнинг қонун чиқарувчи олий органи бўлмиш Халқ Маслаҳати йиғилиши бўлиб ўтади.
Ундан бир неча кун олдин, 22 сентябрда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов 40 ёшга тўлади. Мамлакат Конституциясига кўра, бу энг юқори давлат лавозимига талабгорлар учун белгиланган минимал ёш ҳисобланади.
Икки воқеанинг бир вақтда юз бериши кишини ўйга солади, зеро, Сардорни анчадан бери отасининг ўрнига тайёрлашаётгани аллақачон сир бўлмай қолган.
Кичик Бердимуҳамедов 2014 йил августда университетни битирган бўлса, 2016 йил ноябрда ими-жимида ўтказилган навбатдан ташқари сайловда парламент аъзоси бўлган. Халқ эса “Сардор Бердимуҳамедов депутат бўлди”, деб расман эълон қилинганидагина шунақа сайлов бўлиб ўтганидан хабар топди.
Кейинроқ маълум бўлишича, ўрнини Сардор эгаллаган депутат сайловдан сал олдин истеъфо берган экан.
Кенжа Бердимуҳамедов ҳанузгача депутат саналади. Бундан ташқари, у бош вазир ўринбосари лавозимини ҳам эгаллаб турибди. Умуман олганда, президентнинг ўғли 2018 йилда парламентга қайта сайланганидан сўнг унинг хизмат рўйхатида қанақа лавозимлар бўлганини текшириш осон иш эмас.
Сардор ташқи ишлар вазири ўринбосари, пойтахт Ашхобод жойлашган Ахал вилояти ҳокимининг ўринбосари, кейин эса ҳоким, саноат ва қурилиш вазири, вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари, олий назорат палатаси раиси лавозимларида ишлаган, шунингдек Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган.
У, шунингдек, "Туркман алабайи" ассоциацияси ҳамда Ахалтеке зотли отларни етиштирувчилар ассоциацияси президенти ҳамдир – бу жониворлар Туркманистонда шу қадар кучли тимсолларга айланганки, уларга атаб ҳайкаллар ўрнатилмоқда.
Давлат ОАВлари бир неча йилдан буён Сардор Бердимуҳамедовнинг шахсий фазилатлари ва фаолиятини тараннум этади. Яқинда туркман нашрлари “Сардори бор юрт нақадар бахтли” экани ҳақида ёзди.
Шу йили ёзда президентнинг ўғли Токиода кечган Олимпия ўйинларида туркман делегациясига раҳбарлик қилди, мамлакат тарихида илк бор Олимпиада медалини олган миллий терма жамоанинг фахрий мураббийи бўлди. Ўйинларда оғир атлетикачи Полина Гурьева кумуш медални қўлга киритганди. Давлат ОАВларининг иддаосича, унга кичик Бердимуҳамедовнинг ижобий таъсири қандайдир, ақл бовар қилмас тарзда мадад берган эмиш.
Делегация Туркманистонга қайтгач Бердимуҳамедов оғир атлетикачи қизга махсус ҳадя – Lexus йўлтанламасини топшириши давлат телеканали орқали намойиш этилди.
Ҳамма ёқда Сардор
Сўнгги пайтларда Сардор Бердимуҳамедов давлат телевидениесида жуда кўп кўриниш берадиган бўлиб қолди: у гоҳ спортчию артистларга мукофотлар улашади, гоҳ болалар билан учрашиш учун мактабларга боради, гоҳо бирор янги бинони очиб беради ва ҳоказо.
Яқин-яқинларгача давлат ОАВларининг саҳифа ва эфирлари асосан Сардорнинг отасига оид янгиликлар билан тўлдирилган бўлса, кейинги вақтларда, афтидан, ўғил олд планга чиқарилган кўринади.
Келаётган Мустақиллик кунида қандайдир фавқулодда воқеа содир бўлиши ҳақида эълон қилингани йўқ, албатта. Бу гапларимиз эса, бир чеккаси гўё мамлакат президентининг соғлиғи путурдан кетаётгани ҳақидаги миш-мишларга таянган тахмин холос.
Давлат раҳбарининг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлар Марказий Осиёдаги барча мамлакатларга хос ҳолатдир. Кўпинча бундай овозалар ортида халқнинг мустабид тузумдан халос бўлишга умиди ётади.
Бироқ тўнғич Бердимуҳамедов диабет хасталиги билан оғригани маълум, боз устига унинг 2019 йил ёзда тўсатдан бир ойга жамоатчилик кўз ўнгидан ғойиб бўлганининг ўзиёқ жисмоний аҳволи ростдан ҳам ёмонлашиши мумкинлигига ишончли далилдир. Гарчи давлат телеканали президентнинг велосипед миниб юргани ёки спортнинг бошқа тури билан шуғулланаётганини қайта-қайта намойиш этса-да, ойни этак билан ёпиб бўлмайди.
Сардор Бердимуҳамедовни очиқчасига ва жадаллик билан олий лавозимга кўтаришяпти. Масала – бу воқеа қачон ва қай тарзда рўй беришида қолган холос.
Халқ Маслаҳатининг Мустақиллик куни арафасига белгиланган йиғилиши одатдагидан анча катта қизиқиш уйғотаётгани сабаби шу.
Халқ Маслаҳатининг бурунги хизматлари
Халқ Маслаҳати ҳақида гапиришдан олдин шуни эслатиб ўтиш жоизки, 27 сентябрь аслида Туркманистон Мустақиллиги куни эмас. Ҳарқалай, ушбу сана 2018 йилга қадар байрам куни саналмасди.
27 сентябрь куни 2017 йилда Туркманистон мезбонлик қилган Жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинларининг охирги кунига тўрт йил тўлиши нишонланади. Ўша 10 кунлик мусобақага туркман ҳукуматида жуда кўп пул харжлаган эди.
1991 йилдан 2017 йилгача Мустақиллик куни 27 октябрда байрам қилинган.
Халқ Маслаҳати Мустақиллик кунида тўпланишга мажбур эмас..
Туркманистон расмийлари бирор муҳим қарор ҳақида эълон қилмоқчи бўлишса, бу ишни одатда Халқ Маслаҳати йиғилиши чоғида қилишади.
1996 йил сентябрда айнан Халқ Маслаҳати ўша вақтдаги собиқ президент Сапармурат Ниёзовни “шунчаки” ўзини умрбод президент деб эълон қилишга чақирган эди. Ниёзов рад этган, шу боис 1999 йил декабрда Халқ Маслаҳати унинг ўлгунича давлат раҳбари бўлиши учун овоз берган, шунингдек Ниёзовга оқ чопон, пальма ёғочидан йўнилган асо, Муҳаммад пайғамбарнинг рамзлари ва “Мустақил Туркманистонга юксак муҳаббати учун” соф оқ тилладан ясалган медални тантанавор суратда топширган.
2002 йил августда Халқ Маслаҳати Ниёзовнинг ойлар ва ҳафта кунларини қайта номлаш ҳақидаги таклифини маъқуллаган.
Халқ Маслаҳати Ниёзовнинг истеъфога чиқиш ёки янги президент сайлови ўтказиш хусусидаги сохта илтимосларини бир неча марта рад этгани билан ҳам машҳур.
2006 йил декабрда Халқ Маслаҳати Ниёзовнинг ўлимидан кейиноқ Овезгелди Атаевнинг парламент спикери лавозимидан бўшатилишини маъқуллаган. Конституцияга кўра, ўшанда Атаев навбатдаги президент бўлиши керак эди.
Бердимуҳамедов 2008 йилда Халқ Маслаҳатини тарқатиб юборди, лекин 2017 йилда тиклаб, унга қонун чиқарувчи олий орган мақомини берди.
2018 йилда Халқ Маслаҳати Мустақиллик кунини 27 октябрдан 27 сентябрга кўчириб, фуқаролар мустақилликнинг илк кунларидан бери фойдаланиб келаётган имтиёзлар – текин газ, электр ва сувни бекор қилди.
Бу йил ҳам навбатдаги сиёсий томошани ижро этиш учун ҳамма нарса шай.
Тахминларимиз рўёбга чиқиши ёки чиқмаслигини билишимиз учун 27 сентябрь санасини кутсак бас. 2002 йилги туркман тақвимидан фойдаланувчилар учун бу “Баш гюн, Руҳноманинг 27-санаси”дир.