Фото: centerragold.com Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Бош прокуратура билан биргаликда «Қумтор» лойиҳаси бўйича келишувларни бекор қилиш жараёнини бошлади. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди. МХДҚнинг таъкидлашича, тергов «Қумтор» конини қазиш бўйича шартномалар тузиш ва уларга турли қўшимчалар, ўзгартиришлар ҳамда изоҳлар киритишда «Комеко» ва «Сентерра» компанияларининг вакиллари бўлган канадалик инвесторлар билан қилинган ҳамкорликнинг бутун даври мобайнида кенг кўламли коррупцияга йўл қўйилганига шубҳа қилмайди. Шартнома шартлари Қирғизистон халқининг туб манфаатларига жавоб бермаган. «1992 ва 1994 йиллардаги шартномалар учун собиқ президент Асқар Акаев, собиқ бош вазирлар Турсунбек Чингизшев, Апас Жумагулов ва «Қирғизалтин» давлат концернининг собиқ раҳбари Достон Саригулов жавобгарликка тортилди. Иқтисодиётни қайта қуриш ва ривожлантириш қўмитасининг собиқ раиси Борис Бирштейн эса қидирувга берилган», — дейилади хабарда. Собиқ бош вазир Игорь Чудинов ва «Қирғизалтин» ОАЖ бошқарувининг собиқ раиси А.Жакйповга 2009 йилдаги келишув бўйича жиноят содир этишда гумонланаётгани тўғрисида хабарнома топширилган, собиқ президент Қурманбек Бакиев ва унинг ўғли Максим Бакиев эса қидирувда. 2012 йилдан 2014 йилгача бўлган давр учун собиқ бош вазир Омурбек Бабанов, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Тайирбек Сарпашев ва бошқа юқори мартабали амалдорлар жавобгарликка тортилди. «Шундай қилиб, 1992–2009 йиллардаги воқеаларни тергов қилиш якуний босқичда. Шу билан бирга, 2017 йилда ‘Қумтор’ лойиҳаси бўйича кейинги битимларни тузиш ва Сув кодексига ўзгартиришлар киритиш иши бўйича тергов давом этмоқда. Тергов натижаларига кўра, ушбу жараён иштирокчиларига ҳам юридик баҳо берилади, бу ҳақда МХДҚ қўшимча равишда жамоатчиликни хабардор қилади», — дейилади қўмита хабарида. Қирғизистон ҳукумати 2020 йилнинг баҳорида «Қумтор»ни давлат тасарруфига ўтказиш жараёнини бошлаган. 18 май куни Тенгиз Болтурук конни бошқарувчи «Qumtor Gold Company» (Канаданинг Centerra Gold Inc шўъба корхонаси) компаниясининг ташқи менежери этиб тайинланди. Июнь ойи охирида Болтурукнинг маълум қилишича, Канада компанияси даъволарни тан олмагунча, шунингдек, Қирғизистонни конни қазишда тенг ҳуқуқли шерик сифатида кўришни бошламагунча, Қирғизистон ва Centerra Gold ўртасида «Қумтор» бўйича музокаралар ўтказилмайди. Centerrа Gold, ўз навбатида, Қирғизистон ҳукумати билан ҳакамлик судида судлашишни бошлаган. Компания ўзининг шўъба корхонасида ташқи бошқарувни тақиқлаш учун, шунингдек, баҳорда чиқариб берилган жарималар ва солиқ шикоятлари бўйича суд орқали таъқиб қилинишини тақиқлашга уринмоқда. Мавзуга доир: Қирғизистон ҳукумати ва Канада компанияси нима сабабдан «Қумтор» олтин конини бўлиша олмаяпти? Қирғизистоннинг биринчи ва иккинчи президентлари Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар июль ойи бошларида «Қумтор» иши бўйича халқаро қидирувга берилганди. Асқар Акаев 2 август куни Қирғизистонга қайтди. Бишкекда у аввалига сўроққа тутилган, кейин президент Садир Жапаров уни шахсан қабул қилган. Акаев ватанига қайтиб келиш имкониятини тақдим этгани учун Садир Жапаровдан миннатдор эканини билдирди ҳамда «Қумтор» иши бўйича терговга ёрдамлашишга тайёрлигини айтди. Асқар Акаев йўл қўйган хатоликлари учун ҳамда «Қумтор» лойиҳасини амалга ошириш чоғида умидларни оқламагани учун қирғиз халқидан узр сўради. Қирғизистон собиқ президенти «Қумтор иши» бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилинганидан кейин мамлакатни яна тарк этди.