“Рома” ҳужумчиси Эдин Жеко “Интер”га ўтишга жуда яқин турибди. Италиялик журналист-инсайдер Николо Скиранинг хабар беришича, 35 ёшли босниялик футболчи “нерадзуррилар” билан 2 йиллик шартнома бўйича келишувга эришган. Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ “Интер” бельгиялик ҳужумчи Ромелу Лукакуни 115 млн евро эвазига “Челси”га сотиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Жеко ўтган мавсум “Рома” сафида А Серияда 27 та ўйинда майдонга тушди ва 10 та гол уришга эришди. Жеконинг “Рома”дан кетиши яқинда жамоага келиб қўшилган ҳамюртимиз Элдор Шомуродовга асосий таркибдан жой олиш учун яхши имконият бўлиши мумкин.