Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Уста Нормат” маҳалла фуқаролар йиғини раисини ҳақорат қилгани ва уни калтаклагани тўғрисида ижтимоий тармоларда тарқалган маълумотни тасдиқлади.
Вазирликнинг билдиришича, “Уста Нормат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Икромов 9 май куни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг отаси яшайдиган Деҳқонобод кўчасидаги уйга чақиртирилган. Уни мазкур хонадонга Бахтиёр Раҳмонов шахсан ўзи чақиртирган.
“У бу ерда ўзининг хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган, умуман бошқа бир масаланинг бажарилмаганлиги бўйича Б.Раҳмонов томонидан турли ножўя сўзлар билан ҳақоратланади, ҳатто унга нисбатан жисмоний куч ишлатилади”, -дейилади Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги расмий баёнотида.
Мазкур ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири назоратига олинган ҳамда Вазирлик Ишчи гуруҳи томонидан воқеа тафсилотлари батафсил ўрганилмоқда.