Фото: «Tass.ru» Россия Федерацияси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Александр Горовой МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг ялпи мажлисида МДҲ давлатлари вакилларига кескин мурожаат қилди. Горовой ҳозирда Россияда бўлган ноқонуний муҳожирларни олиб чиқиб кетишларини, бўлмаса, уларни депортация қилишга тўғри келишини эслатиб ўтди. Бу ҳақда ТАССга таяниб "Хабар" сайти маълум қилмоқда. «Ҳозирда мамлакатимиз ҳудудида сизнинг ноқонуний ишлаб юрган кўплаб фуқароларингиз бор. Агар биз биргаликда ушбу рақамни олиб ташламасак, президент фармони билан уларни чиқариб юборишга ҳамда қайта киришига тақиқ қўйишга мажбур бўламиз. Мен сизларга ўз ҳудудингизда оммавий ахборот воситалари орқали ташвиқот ишларини олиб боришингизни истардим», — деган у. Горовой, шунингдек, миграция тартибини бузганлиги учун Россия ҳудудида ноқонуний бўлган МДҲ давлатлари фуқароларига нисбатан қонунни бузганлик амалиёти қўлланилмаслигини ҳам таъкидлаган. Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Озарбайжоннинг 120 мингдан ортиқ фуқароси, Арманистоннинг 61 мингдан ортиқ фуқароси, Қозоғистоннинг 49 минг фуқароси, 115 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқароси, Тожикистоннинг 247 минг фуқароси, 332 минг нафари Ўзбекистон фуқароси, Украинанинг 152 минг фуқароси, Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний равишда яшайдилар.