Coca Cola Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган "Қизилқум" - "Насаф" (1:2) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди. Ўйин ҳақида - Бугун кучли рақиб майдонида 3 очкога эга бўлдик. Бундан жудаям хурсандмиз. Бизда йўқотилган очколарни тўлдириш вазифаси бор. Албатта, биз бугун "Қизилқум" жамоасини ҳужумкор ўйин кўрсатишини билардик. Биринчи бўлимда 3 марказий ҳимоячи билан ҳаракатландик. Иккинчи тайм охирларига келиб 4-4-3 схемасига ўтдик. Шу схема орқали рақиб дарвозасига иккинчи голни киритдик. Умуман айтганда, бугунги ўйин тенг курашлар остида ўтди. Омад ҳам биз томонда бўлди. - Абдувоҳид Неъматовнинг ўйин қайдномасига киритилмаганлигига сабаб нима? - Абдувоҳид Неъматов асосий дарвозабон деб таъкидлашингизга сабаб нима? Бизда 3 нафар дарвозабон бор. Уларнинг барчасига имкон берамиз. Неъматов ўтган мавсумда ўзини яхши кўрсатди. Шу сабабдан у терма жамоа сафига ҳам жалб этилди. Бугунги ўйинга уни жалб этмаганимизни сабаби жароҳат эмаску, лекин сабаб бор. Тайёр эмаслиги учун Навоийга уни олиб келмадик. Ўйлайманки, кейинги ўйингача у тикланади. Навбатдаги ўйинларда унга ҳам имконият берамиз. - Ойбек Бозоров қачон сафга қайтади? - Ойбек Бозоровнинг жароҳати жиддий бўлиб чиқди. Бир ҳафта муддат атрофида сафга қайтади деб ўйлайман. Балки кейинги ўйингача қайтар.