Қашқадарё вилояти Қарши туманида 2021 йил 6 март куни эркак хотинига аччиқ қилиб, уйини портлатиб юборди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида хабар қилинди. Маълум қилинишича, ҳолат туманнинг «Ширкент» маҳалласида содир бўлган. Воқеа содир бўлган куни Р.Р. исмли эркак турмуш ўртоғи Х.Н. билан жанжаллашиб қолган. Шундан сўнг аёл маҳалла инспекторига телефон қилиб, эри оила аъзоларининг ҳаммасини ўлдириш билан таҳдид қилганини айтиб, ёрдам сўраган. Ушбу ҳолат юзасидан воқеа жойига маҳалла котиби ва нозири етиб борганида эркак уларни кўрганида янада жазавага тушиб, уй ичкарисига кириб кетган. Шу пайт улар аёл ва қизини уйдан олиб чиқиб кетган. Эркакни тинчлантириш учун уйга қайтиб кирганида, газ баллонини очиб, портлатиб юборган. Оқибатда маҳалла котиби ва нозири тан жароҳати олиб, шифохонага етказилган. Шунингдек, уйнинг ошхона ва ётоқхона қисми қулаб тушган. «Жаҳлим чиқиб турган эди. Ўзимни кўрсатмоқчи бўлдимми, билмайман. Қилган ишимдан пушаймонман», — дейди эркак. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.