Саудия Арабистонида таниқли аёл ҳуқуқлари фаоли Лужаин ал-Ҳазлул қамоқдан озод этилди. У ҳибсда уч йил сақланган.
“Лужаин уйда!!!” деб ёзади 10 февраль куни унинг опаси Лина ал-Ҳазлул ўз Twitter саҳифасида. Лина кулиб турган фаолнинг расмини ҳам илова қилган.
31 яшар Ҳазлул Саудиялик аёлларга машина ҳайдаш ҳуқуқини бериш ҳамда эркак маҳрам тизимини бекор қилиш учун курашган фаоллардан бири бўлган.
У ва бир гуруҳ бошқа аёллар 2018 йилда, аёлларга машина ҳайдаш тақиқи бекор қилинишидан бир-икки ҳафта олдин ҳибсга олинган эди. Ўша йилнинг декабрида суд Ҳазлулни терроризм билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топган ва олти йил қамоққа ҳукм қилган.
Кейинчалик бу ҳукм шартли қамоққа алмаштирилиб, Ҳазлул муддатдан олдин озодликка чиқарилди. У ҳамон синов муддатида бўлиб, Саудия Арабистонинин тарк этолмайди.
Ҳазлулнинг озод этилиши АҚШ президенти Жо Байден инсон ҳуқуқлари ва минтақавий сиёсати, жумладан Ямандаги уруш деб Саудия Арабистони билан муносабатларни қайта кўриб чиқаётган бир пайтга тўғри келди.
“Саудия ҳукумати таниқли фаолни озод этгани ҳақида хушхабар олдик. У аёл инсон ҳуқуқларининг фаол ҳимоячисидир, озод этилгани қилиниши керак бўлган қадам бўлди”, - деган Байден Пентагонга ташрифи чоғида.