Фото: «Profi-news.ru» Қирғизистон президенти Садир Жапаров унинг портретини мансабдор шахсларнинг идораларига илмасликни илтимос қилди, дея журналистларга маълум қилди унинг матбуот котиби Галина Байтерек. «Президент Садир Жапаров ҳозирги пайтда фуқароларимизнинг ҳаётий фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш учун ҳали ҳеч нима қилмаган деб ҳисоблайди. Шу боис у барча давлат органларига унинг портретини идоралар ва маъмурий биноларга илмасликни тавсия этади», — деди матбуот котиби. Байтерекнинг сўзларига кўра, Жапаров «Қирғизистон давлатчилигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишига беқиёс ҳисса қўшган» Қирғизистон AССР Халқ Комиссарлари Кенгашининг биринчи раиси Юсуф Aбдураҳмонов ёки Республика Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Исҳоқ Раззоқовнинг портретларини илганлари маъқул деб ҳисоблайди. 10 январь куни бўлиб ўтган президент сайловларида Жапаров 79 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, ғалаба қозонди. 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси ҳамда Қирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумнинг муваффақиятли ўтказилгани билан чин дилдан табриклади.