Сўнгги икки йилда коррупция оқибатида 371 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу қилмишлар учун 2477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бош прокуратура сайтида маълум қилинди.
Расмий билдирувда таъкидланишича, коррупциявий ҳолатлар қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилиши соҳаларида кўплаб кузатилмоқда. Айни пайтда Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ҳисоб палатаси томонидан республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилиб, қурилиш, коммунал хўжалиги ва йўл қурилиши соҳаларида қонунийлик аҳволи ўрганилмоқда.
Прокуратура томониан 1379 та янги объектнинг лойиҳа ҳужжатлари қайта кўриб чиқилганда, дастлабки қийматга нисбатан 1,5 триллион сўм ёки 22 фоиз ҳаражатлар ортиқча ва асоссиз киритилганлиги аниқланган.
Ҳисоб палатаси томонидан 82 та объектда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича текширишлар ўтказилиб, 66 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
23 миллиард сўмлик 21 та объектни қуриш юзасидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилган тендер ва танловларда буюртмачи ва пудратчилар ўртасида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик ҳолатларига йўл қўйилган.
Текширишларда аниқланган жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 111 та жиноят иши қўзғатилди. Шу кунгача улардан 24 нафари судга топширилди.
Давлат ва жамият манфаатларига 260,7 миллиард сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланиб, унинг 47,6 миллиард сўми ундирилган.