Россия икки давлат ўртасидаги шартномага мувофиқ Суданда ҳарбий денгиз базасини ташкил этмоқчи. Шартномага асосан мазкур база ҳарбий денгиз флотини моддий-техник таъминлайдиган, денгизчилар дам оладиган марказ бўлади.
Россия ҳукуматининг 11 ноябрда билдиришича, Бош вазир Михаил Мишустин шартномани тасдиқлаган.
Суданда ташкил этиладиган мазкур база Россиянинг Африка шимоли-шарқидаги, Қизил денгиз ва Баб ал Мандаб қўлтиғидаги мавқеини мустаҳкамлайди. Шартномада қайд этилишича, базага тўртта ҳарбий кема ва 300 денгизчи жойлаштирилади.
Россия нефть ва фойдали қазилмаларга бой Суданда иқтисодий ва геосиёсий манфаатларга эга. Судан Россия қуролини Африкага импорт қилувчи йирик ҳамкор ҳисобланади.
Шартномада, шунингдек, Россия ташкил этиладиган ҳарбий денгиз базасини ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун Суданга бепул қурол етказиб беришга тайёр экани ҳам қайд этилган.