АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден узоқ йиллик ёрдамчиси Рон Клейнни Оқ Уй маъмурияти раҳбари лавозимига тайинлашини эълон қилди. Бу Оқ Уйдаги энг юқори мансаблардан бири ҳисобланади.
“Рон Клейннинг турли сиёсий доиралардаги одамлар билан ишлаш бўйича катта тажрибаси Оқ Уй маъмурияти раҳбарида мен кўрмоқчи бўлган асосий ҳислатдир. Бугун биз инқирозга қарши туриб, мамлакатимизни бирлаштирмоқчи бўлаётган бир паллада менга айнан мана шундай одам керак”,-деб ёзди Байден Twitter саҳифасида.
Байден президент сифатида коронавирусни жиловлашга ва иқтисодий беқарорликдан чиқишга асосий эътибор қаратмоқчи. Бу масалаларни ҳал қилишда Клейн тажрибаси қўл келиши мумкин.
Клейн 2014 йилда Ғарбий Африкада Эболага қарши курашнинг асосий мувофиқлаштирувчиси бўлган. Шунингдек, у 2009 йилда президент Барак Обама маъмуриятида глобал молиявий инқироз ортидан заифлашган иқтисодни барқарорлаштириш режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этган.
У Обаманинг биринчи президентлик даврида вице-президент Байден маъмуриятини бошқарган. Клейн 1990 йилларда вице-президент Эл Гор маъмурияти раҳбари бўлган ва Конгресда ишлаган.
Президент маъмурияти раҳбари сиёсий ва қонунчилик стратегиясини ишлаб чиқади ва президентни Конгресс билан боғлаб турувчи асосий шахс ҳисобланади.