Фото: Philippine News Agency[sup][/sup] Филиппиннинг ички ишлар ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш вазири Эдуардо Аньо коронавирусга қайта чалинганини маълум қилди. Таъкидланишича, 58 ёшли амалдорда коронавирус биринчи марта март ойида аниқланган ва у даволаниб чиққан. “13 августда мен грипп аломатларини, жумладан томоқда ва танада оғриқ ҳис қила бошладим. 14 августда ўзимни яккалаб, полимераза занжир реакцияси усулида таҳлил топширдим. 15 августда таҳлил жавобини олдим, унда менда яна коронавирус аниқлангани маълум қилинганди”, деб айтган вазир. Ҳозирда у изоляцияда шифокорлар кузатувида қолмоқда. “Мен буни шу мақсадда эълон қилмоқдаманки, мен билан яқин мулоқотда бўлганларни ўзларини яккалашга, соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ барча аломотлар бор-йўқлигини кузатишга ва тегишли чоралар кўришга чақирмоқчиман. Мен, шунингдек, бу баёнотни вируснинг қанчалик жиддийлигини таъкидлаб ўтиш ва барчани ниқоб тақишга, тез-тез қўл ювишга ва ижтимоий масофалашувга риоя қилишга чақириш учун бермоқдаман. Бу оддий қоидаларга риоя қилиб, яқинларимиз ва жамиятимизни ҳимоялашда ёрдам беришимиз мумкин[i][/i]”, деб таъкидлаб ўтган Эдуардо Аньо. Шунингдек, апрель ойида Филиппин таълим вазири Леонор Брионесда, июлда эса жамоат ишлари ва йўл қурилиши вазири Марк Вилларда ҳам коронавирус аниқланган. Филиппинда коронавирусга чалиниш бўйича илк ҳолат 30 январда қайд қилинган эди. Айни вақтда мамлакатда вирусдан касалланганлар сони 153 мингдан, вафот этганлар сони 2,4 мингдан ошиб кетди. Шу билан бирга, 71,4 минг киши коронавирус инфекциясидан соғайиб кетган.