Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашлари (Нуронийлар кенгаши) ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматининг 25 майдан кучга кирган “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилади.
Қарорда қайд этилишича, кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш, нуронийларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли энг муҳим масалалар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари фаолияти ҳақида жамоатчилик, шу жумладан кексалар фикрини тизимли мониторинг ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш ва бу борада таклифлар ишлаб чиқиш, маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишга кўмаклашиш ва шу кабилар Нуронийлар кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланган.
Қарорга мувофиқ, Нуронийлар кенгаши Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмаси раҳбари қарори билан ташкил этилади.
Нуронийлар кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.
Ҳукумат қарори билан Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланган.
Нуронийлар кенгаши фаолияти моддий-техник жиҳатдан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмаси томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар томонидан таъминланади.