Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Украинага яна қарз берадиган бўлди. Бу сафар Киевга 3,9 миллиард доллар қийматида кредит берилади.
Жамғарманинг ушбу қарори кейинги йилга белгиланган президент сайловлари арафасида амалдаги президент Петро Порошенко учун катта ютуқдир.
Украина 25 декабргача 1,4 миллиард доллар суммадаги биринчи траншни олади. Кейинги траншлар бўйича қарорлар май ва ноябрда чиқарилади.
Бу орада Жаҳон банки Украина жаҳон бозорларида яна 1 миллиард доллар қарз олиши учун кўмаклашишини билдирди.
2017 йилнинг апрель ойида ХВЖ Украина иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга ҳамда коррупцияни озайтиришга етарлича курашмаётгани учун мамлакатга молиявий ёрдам кўрсатишни тўхтатиб қўйган эди.
ХВЖ қарори ортидан президент Порошенко эълон қилган билдирувда “Етакчи халқаро институтларнинг бундай қарори тараққиётимиз барқарор бўлишини таъминлайди ҳамда Украинанинг кучли ички ва ташқи муаммоларга бўлган чидамлилигини оширади”, дейилади.