Москвадаги “Левада-Центр” маркази яқинда ўтказган сўров натижаларига кўра, тобора кўпроқ россияликлар Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан афсусланмоқда.
19 декабрь куни эълон қилинган сўров натижаларига кўра, унда иштирок этганларнинг 66 фоизи Совет Иттифоқи тарқалиб кетганидан афсусда эканлигини изҳор қилган. Бу 2004 йилдан бери қайт этилган энг юқори кўрсаткичдир.
Ўтган йилда айни сўров 58 фоиз россияликлар СССР тарқалганидан афсусда эканлигини кўрсатган эди.
Сўровда иштирок этганларнинг чораги Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан афсусда эмаслигини билдирган.
2005 йилда Путин СССР парчаланиб кетганидан кейин кўплаб руслар мамлакат ташқарисида қолиб кетганини айтар экан, Совет Иттифоқининг тарқалиб кетганини 20 асрнинг “энг йирик геосиёсий фожиаси” деб таърифлаган эди.
СССР парчаланиб кетганидан афсусланувчилар сони 2000 йилда энг юқори бўлган. Ўшанда россияликларнинг 75 фоизи СССРни қўмсашини изҳор қилган.
“Левада” 22-28 ноябрда ўтказган сўровда 1600 одам қатнашган.