Европа Иттофоқи ғарбий Болқон давлатларини ҳамда блокнинг Шенген зонаси билан визасиз режимда бўлган Шарқий ҳамкорлик давлатларини ноқонуний миграцияни кучлироқ назорат қилишга чорлади. Иттифоқ, шунингдек, Грузияни асоссиз бошпана сўраётганлар сонини озайтириш йўлида, Украинани эса коррупцияга қарши курашни кучайтириш учун чора кўришга чорлади.
Бу чақириқлар Европа комиссиясининг Албания, Босния ва Герцеговина, Македония, Монтенегро, Сербия, Грузия, Молдова ҳамда Украина билан визасиз тизим бўйича йиллик ҳисоботида келтирилди.
Ҳисоботда барча саккиз давлат визалар бекор қилиниши учун керак бўлган шартларни бажаришда давом этаётгани, яъни, улар билан визасиз режим бекор қилинмаслиги айтилган бўлса-да, унда Шарқий ҳамкорлик давлатлари сиёсати танқид қилинган.
Хусусан, ҳисоботда Молдова кенг кўламли “пул ювишни тўхтатиши”, Украина эса “коррупция билан курашни кучайтириши” кераклиги айтилади.
Бундан ташқари, ҳисоботда Молдова ва Грузия фуқаролари асоссиз равишда бошпана сўраётгани “хавотирли ҳолат” эканлиги эътироф этилган.