Бугун, 11 ноябрь куни дзюдо бўйича Тошкент Гран-Приси якунланди. Турнирда 47 мамлакатдан келган спортчилар баҳс олиб боришди. Бугунги баҳсларда эркаклар ўртасида учта, аёллар ўртасида эса иккита вазн тоифасида беллашувлар бўлиб ўтди. +100 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Бекмурод Олтибоев мусобақа давомида Украина, Тожикистон ва Россия вакилларини мағлубиятга учратиб финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда у россиялик Сослан Бостановга қарши татамига чиқди ва имкониятни бой бериб қўйди. Олтибоев Тошкент Гран-Присининг кумуш медали билан кифояланди. Терма жамоанинг яна бир вакили Ихтиёр Холмуратов эса бронза медали учун қозоғистонлик Ерассил Кажибаев билан беллашди. У ҳам медал учун баҳсда ютқазиб қўйди. Шу тариқа, дзюдо бўйича Тошкент Гран-Присида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1та олтин, 3та кумуш ва 1та бронза медал билан бешинчи ўринни қўлга киритишди. Ўзбекистонлик совриндор спортчилар: Олтин: -73 кг: Ҳикматулло Тўраев Кумуш: -60 кг: Диёрбек Ўрозбоев -66 кг: Сардор Нуриллаев +100 кг: Бекмурод Олтибоев Бронза: -66 кг: Шаҳрам Аҳадов.