Покистон суди оқлаган насроний аёл мамлакатни тарк этиб, Германияга кўчиб кетишни истайди. Бу ҳақда Асия Бибининг ҳуқуқшуноси билдирди.
11 ноябрь куни Bild am Sonntag газетасида чоп этилган мақолада ҳуқуқшунос Саифул Малук Биби Германияга оиласи билан боришни хоҳлаши ҳақида ёзди.
Германия Биби ва унинг оиласини қабул қилишни таклиф қилган бир неча давлатнинг биридир. Мақолада ёзилишича, айни дамда Германия Ташқи ишлар вазирлиги Покистон расмийлари билан музокара олиб бормоқда.
Насроний аёл 2010 йилда Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. Аммо ўтган ойда Покистон Олий суди унга чиқарилган қарорни бекор қилди. Натижада Покистон бўйлаб диндорлар намойишга чиқиб, расмийлардан Бибини қатл қилишни талаб қила бошлади.
Покистон ҳукумати 3 ноябрь куни радикал “Таҳрики Лаббайик” партияси билан Олий суд қарори “қайта кўриб чиқилгунича” Биби мамлакатдан чиқарилмаслиги бўйича келишувга эришиши ортидан намойишлар тинчиди.
Ўзига қўйилган айбловни рад этиб келаётган Биби 7 ноябрь куни озодликка чиққан. Ҳозир у Исломободда номаълум жойда сақланмоқда. Унинг ҳуқуқшуноси Малук эса ҳаётига солинаётган таҳдид туфайли Нидерландияга кетган.