Қолипли нон нархи 550 сўмга кўтарилди.
Аввалроқ, қолипли нон ва ун маҳсулотига нисбатан бозордаги талаб ва таклиф асосида нарх белгиланиши ҳақида Қарор қабул қилингани маълум қилинган эди.
Бугун, 15 сентябрдан эътиборан қолипли нон нархи кўтарилди. Унинг донаси 1200 сўмдан сотилмоқда. Бу нон баҳоси 550 сўмга ошди, деганидир.
Нега нон бирданига салкам икки баробарга қимматлашиб кетди? Бунинг асл сабаби нимада?
Юқоридаги саволларга "Тошкентнон" ишлаб чиқарувчилар уюшмаси жавоб беради:
— Ҳозирги пайтда уюшмамиз томонидан кунига ўртача 500-550 тонна нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилмоқда, — дейди "Тошкентнон" уюшмаси бош ҳисобчиси Руслан Мусретов xs.uz нашрига. — Нон нархининг кўтарилиши эса, аввало, ишлаб чиқариш таннархига боғлиқ. Чунки шу кунга қадар биринчи навли уннинг 1 килограммини 930 сўмдан сотиб олардик. Шунинг ҳисобига битта қолипли нон ишлаб чиқариб, то у савдо дўконига етказиб берилгунига қадар таннархи 591 сўмга тўғри келарди. Айни пайтда бу кўрсаткич ўртача 1000 сўмни ташкил этмоқда. Сабаби, уннинг баҳоси ҳам кўтарилиб, 1 килограммини 1400 сўмдан харид қиляпмиз. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги қарори билан белгиланган бўлиб, нарх-наво жорий йилнинг ноябридан яна ошиши мумкин.